Шрифт ўлчами
Кўриниш
Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.
Ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Иш вақтининг қисқартирилган муддати (ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган) меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан белгиланади:
18 ёшга тўлмаган ходимларга
- 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга 1 ҳафтада 36 соатдан ошмайдиган муддатга);
- 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган ходимларга 1 ҳафтада 24 соатдан ошмайдиган муддатга;
- ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати юқорида назарда тутилган тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас.
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга;
- ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар;
- алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар;
- 3 ёшга тўлмаган болалари бор бюджет ҳисобидан таъминланадиган ташкилотларда ишлаётган аёллар.
Иш ҳафтасининг тури ва иш вақти режими корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, — ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади.
Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади.