Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ва Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.
Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштиришдан олдин улар ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади.
Текшириш натижасида ҳайдовчилик гувоҳномалари тасдиқланган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хорижий давлатларда олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириб берилганидан сўнг хорижий давлатдан олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари ЙҲХББ томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини берган хорижий давлат ташкилотига (юридик шахсга) юборилади.