Шрифт ўлчами
Кўриниш
«Ёшлар дафтари» — ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси.
Бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган ёшга, биринчи навбатда тайинланади.
Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «Ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмайди.
Моддий ёрдам шахсга бир календарь йил давомида бир маротаба берилади.
«Ёшлар дафтари»га киритилган ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёш фуқарога фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача қисми қоплаб берилиши мумкин.
Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмасдан «Ёшлар дафтари»га тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Ҳаётий мисол:Cавол: Я. исмли шахс “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қандай моддий қўллаб-қувватлашлар мавжудлиги ҳақида тушунтириш беришни сўраган.
Жавоб: Ҳозирда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича қуйидаги турдаги моддий қўллаб-қувватлашлар мавжуд:
тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори компенсация қилинади;
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади;
хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми компенсация қилинади;
тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;
ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларининг 75 фоизигача қисми қопланади. Бунда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш харажатларининг ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми, касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг бир ойгача, бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишлича БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми қопланади;
уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун БҲМнинг 8 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади;
«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Кредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида белгиланади.