
ГАИ ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган асосларга кўра транспорт воситасини тўхтатиш, ундан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек, ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш;
- ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;
- йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳужжатларини текшириш мақсадида электрон маълумотлар базасидан фойдаланиш;
- йўл транспорт ҳодисаси ва бошқа ҳуқуқбузарлик содир этилганлигининг гувоҳи бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларини аниқлаш;
- ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш (чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарга, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно);
- транспорт воситасининг двигатель ва агрегат қисмларининг рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан ҳайдовчининг бевосита иштирокида солиштириш (ҳайдовчининг иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно);
- транспорт воситасини таъқиб қилиш ёки кузатиш;
- бошқалар.
ГАИ ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбур:
- хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориш;
- визуал кузатув ёки махсус мосламалардан фойдаланган ҳолда қоидалар бузилганлигини аниқлаш;
- йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиш ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда (бунда ЙПХ ходими томонидан хизмат гувоҳномасини йўл қатнашчиси ихтиёрига бериш тақиқланади) кўрсатиш;
- йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш;
- ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиш;
- йўл ҳаракати қатнашчиларига уларни тўхтатиш сабабини, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтириш бериш;
- бошқалар.