Фармацевтика техник университети (ФТУ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 январдаги ПҚ-4574-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 майдаги 263-сонли қарорига асосан фаолият олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ФТУнинг таъсисчиси ҳисобланади.
ФТУнинг асосий вазифаси дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлашдир. Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган мазкур университет, халқаро миқёсда тан олинган Буюк Британия ва Жанубий Кореянинг олий таълим дастурларини Ўзбекистонда таклиф қилиш учун Сандерленд ва Де Монтфорт Университетлари, ҳамда Ёнсей Университети билан академик ҳамкорлик қилмоқда.
Университет ўз фаолиятини “Tashkent Pharma Park” инновацион ишлаб-чиқариш фармацевтика кластерининг маъмурий биносида 2024 йил октябрь ойида бошлади. Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари ташаббусига кўра Универститетнинг асосий кампуси – замонавий ўқув ва маъмурий биноси, ўқув ва илмий лабораториялари, спорт мажмуаси ва АКТ маркази Жанубий Кореянинг EDCF жамғармаси молиялаштириши асосида барпо этилмоқда.
“Tashkent Pharma Park” инновацион ишлаб-чиқариш фармацевтик кластерининг ажралмас қисми сифатида ФТУ фармацевтика таълими, илмий тадқиқот ва саноат ўртасидаги интеграцияни таъминлайди, дори воситаларини ишлаб чиқариш, биотехнология, биофармация, биотиббиёт, фармакогеномика ва фармацевтик кимё соҳаларида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб боради. ФТУ нуфузли чет эл университетлари ва илмий тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли ва самарали халқаро ҳамкорликни олиб бормоқда.