Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 51 марта ўқилди

Россия Давлат думаси хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Асослар орасида интернетда инсон қадр-қиммати ва жамият ахлоқини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш ҳамда Россия армиясини обрўсизлантириш ҳам бор.


Россия Федерацияси Давлат думаси кенгаши 13 апрель куни хориж фуқароларини Россиядан чиқариб юборишга сабаб бўладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатини икки баравар кенгайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Бу ҳақда дума раиси Вячеслав Володин маълум қилди.

Ҳозирги вақтда Россиянинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида мигрантларни чиқариб юбориш 22 та моддада кўзда тутилган. Уларнинг орасида гиёҳванд моддалар савдоси ва иммиграция қоидаларини бузиш кабилар бор.

Қонун лойиҳаси билан ушбу рўйхатни 43 та моддагача ошириш режалаштирилмоқда. Таклиф этилаётган қўшимчалар орасида:

  • жамоат тартибини бузиш;
  • полиция ёки миллий гвардия ходимларининг жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларига бўйсунмаслик;
  • транспорт ёки ижтимоий инфратузилма, алоқа тизимлари, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракатига халақит бериш;
  • интернетда инсон қадр-қимматини ва жамият ахлоқини ҳақорат қилувчи маълумотларни тарқатиш;
  • Россия Қуролли кучларидан фойдаланишни обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар, шунингдек, Россияга, унинг фуқаролари ёки компанияларига қарши санкциялар жорий этиш ёки уларни узайтиришга чақириқлар.

«Қатор ҳуқуқбузарликлар учун мамлакатдан чиқариб юборишдан ташқари, жарималар ҳам тайинланиши мумкин ва қонунчилик ташаббусида ушбу жарималар миқдорини ошириш кўзда тутилган», — деб таъкидлади Володин.

Россия Давлат думаси раиси, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг маълумотларини келтириб ўтди. Унга кўра, 2025 йилда Россиядан 72 минг нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилган.

Chat