Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Йўл ҳаракати қоидабузарликларни жарима баллари асосида баҳолаш тартиби белгиланди

  • 12.05.2025
  • 59 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (296-сон, 06.05.2025 й.) билан “Йўл ҳаракати қоидабузарликларни жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. 

Низом транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидабузарликларни содир этиш ҳолатларини жарима баллари асосида баҳолаш, жарима балларини ҳисоблаш, ҳисобланган жарима баллари бўйича мурожаат қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

Жарима баллари фақат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бўйича қабул қилинган қарорлар асосида ҳисобланади.

Низомга кўра, жарима баллари ҳайдовчилар қоидабузарликларни биринчи марта содир этган кундан бошлаб, кейинги йил шу кунга қадар амалда ҳисобланади.

Жарима балларини ҳисоблаш даврида жарима баллари ўн икки баллга етмаса, тўпланган баллар кейинги жарима балларини ҳисоблаш даври учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди.

Жарима балларини ҳисоблаш тартиби:

  • жарима баллари тизими "E-jarimaball" модули орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисобланади;
  • ҳайдовчилар ўзининг жарима баллари ҳақидаги маълумотларни исталган пайтда "E-jarimaball" тизими орқали олишлари мумкин;
  • ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар саккиз баллга тенг бўлганда "SMS" хабар юбориш йўли билан огоҳлантирилади ;
  • суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилса, жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Мазкур қарор 2025 йил 1 июндан кучга киради.

Chat