Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Экологик транспорт” тизимини жорий этишдан мақсад нима?

  • 12.12.2025
  • 73 марта ўқилди
Вазирлар Маҳкамасининг “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарори имзоланди.

Унга кўра, барча тоифалардаги автотранспорт воситаларидан чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича “Экологик транспорт” тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Мақсад, автоматик баҳолаш тизими ёрдамида экологик стикерлар бериш орқали автотранспорт воситаларини “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”“ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга ажратиб бориш.

Шунингдек, экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш.

Жумладан, экологик стикерлар қуйидаги транспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди:

— Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган;

— белгиланган тартибда вақтинча (тўқсон календарь кунгача) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган;

— электромобиллар, электромотоцикллар, мотоцикллар, скутерлар, мопедлар, уч ғилдиракли транспорт воситалари;

— тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқча билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳамда жамоат транспорти (такси ва йўналишли таксидан ташқари);

— қишлоқ хўжалиги техникалари;

—“ногиронлиги бўлган шахс” белгиси ўрнатилган транспорт воситаси.

 “Экологик транспорт” тизими 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида жорий этилади.

Chat